bannerbannerbanner
Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм

Ибадулла Самандарович Байджанов
Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм

© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2020

© Мақсуд Бектурдиевич Сетмаматов, 2020

ISBN 978-5-0051-1582-9

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Тақризчилар

Ўролов А. С. Архитектура фанлари доктори, профессор, Самарқанд давлат архитектура -қурилиш институтининг Архитектура асослари кафедрасининг мудири

Ахмедов Қ. Техника фанлари номзоди, Урганч давлат университетининг қурилиш ва архитектура кафедраси доценти

Байджанов И. С., Сетмаматов М. Б.

«Архитектура назарияси»

(Ўқув қўлланма)

Биринчи қисм

Аннотация:

Ушбу қўлланма талабаларда архитектура ва шаҳарсозлик назарияси бўйича йўналиш профилига мос билим, кўникма ва малака шакллантиришга катта ёрдам беради. Ушбу мақсадга эришиш учун фан талабаларни назарий билимлар, амалий кўникмалар, архитектура ютуқлари, архитектура жараёнларига услубий ёндашув ҳамда илмий дунёқарашни шакллантириш вазифаларини ҳам ўзида ифода этган

Ўқув қўлланма «Шаҳарсозлик назарияси», “ Ўрта Осиё архитектураси тарихи» бўлимлари билан ҳам боғлиқ бўлиб, «Архитектура тарихи» фанидан олган билим, кўникма ва малакаларини янада чуқурлаштириш имконини беради.

Қўлланма «Архитектура» мутахассисликлари бўйича таълим олаётган бакалавр ва магистрларга ҳамда архитектура тарихи назарияси билан қизиқувчи профессор-ўқитувчилар, архитекторлар, мутахассислар ва кенг доирадаги китобхонларга мўлжалланган

2020 йил

«Архитектура назарияси» (биринчи қисм)


Сўз боши

Ушбу ўқув қўлланма талабаларга архитектура назарияси фанини ўқитиш жараёнида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ва бадиий маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги, архитектура ва санъатдаги назария тўғрисида билимларга эга бўлишлари, қадимги Шарқ, Антик дунё, Ўрта асрлар, Уйғониш даври архитектурасидан бошлаб XX-асргача, айниқса асосий урғуни Ўрта Осиё санъатининг ибтидоий даврдан бошлаб истиқлол йилларигача бўлган даврдаги назарий услублар, йўналишларни ажрата олиш бўйича кўникмаларга эга бўлишларини ўзида ифода этади

Қўлланма шунингдек Барокко даври, Классицизм, XVIII—XX асрлар Францияда Виолле-ле-Дюк, Англияда Говард, Германияда Земпер, Россияда Баженов, Жолтовский, И. Грабарь, яна Францияда Ле- Корбюзье, ва бошқа таниқли архитектура соҳасида ижод қилган олимлар Б. Засыпкин, М. Булатов, П. Зохидов, К. Крюковларни шу давр назарияси борасидаги қарашлари ифодасини топган.

Архитектура ва шаҳарсозликдаги муҳим тарихий ютуқлар, усуллар ва услублар йўналишларини, уларнинг қайси, давр, ҳудудга мансублигини, меъморий жиҳатларини, маданий мерос ва анъаналарини назарий жиҳатдан фарқлай олиш, архитектура ва шаҳарсозлик назарияси каби малакаларга эга бўлишлари назарга олинган.

Ушбу қўлланмада берилаётган расмлар расм ости изоҳлар китоблардан, республикамиз ва хорижий давлатларда чоп этилган янги даврий нашрлардан олинди ва муаллифларнинг шахсий архивидан келтирилган фото ва чизмалари билан тўлдирилди.

Қўлланмага ижобий тақриз ёзган Самарканд давлат архитектура-қурилиш институтнинг “ Архитектура асослари кафедрасининг мудири, меъморчилик фанлари доктори, профессор А.С.Ўроловга шунингдек Урганч давлат университетининг қурилиш ва архитектура кафедраси доценти техника фанлари номзоди Қ. Ахмедовга, нашрнинг компьютер графикаси ва дизайнини бажарган М.И.Самандаровга, шунингдек қўлланмани компьютерда терган З. Сапаевага чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Кириш

Жаҳон меъморчилиги тарихи назариясини ўрганиш унинг тараққиёт қонунларини текшириш, нодир ёдгорликлар билан одамларининиг ҳис-туйғу, ҳаётий тажрибаларини ўрганиш лойиҳавий-эстетик қарашларининг шаклланишини билиш демакдир, бу сўзсиз инсонга ҳаётий тажрибаларни бойитишга, ҳаётга янада кенг ва атрофлича ёндашишга ёрдам беради.

Бўлғуси меъморлар учун меъморчилик тарихи назариясини ўрганиш, билиш жуда муҳим омиллардан биридир.

Архитектура назарияси фанини аниқлашда, меъморчилик ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқиб, инсоният тараққиётининг дастлабки даврларидан бошлаб ўрганилади.

Архитектура бу грекча сўз бўлиб – «бош қурувчи» – бинони қуриш санъати, ҳамда мажмуаларни жамият талабларига нафақат амалий хизмат, балки, бадиий-ғоявий жиҳатдан уйғунлигини ҳал қилиши керак.

Бино ва иншоотларни қурилишида рухсат берилган амалий, энг содда мақсадларни бевосита бадиий ижодий уйғунлик билан бирга ҳал қилиниши керак.

Архитектура иншоотлари жамият маданиятининг бир бўлаги бўлиши билан бирга, у санъат асари ҳамдир.

Шундай қилиб, архитектура инсоният тараққиётининг бир тури бўлиб, уни оддий қурилиш иши билан чегаралаб бўлмайди, лекин уни фақат бадиий ижод тури деб ҳам бўлмайди.

Ҳар бир даврда архитектура тушунчаси турлича талқин этилган. Рим меъмори Витрувий классик формуласи бўйича меъморчилик иншоотининг асосий сифатини қуйидагича белгилаган: мустаҳкамлик, фойда ва чиройлилик.

Витрувий бу таълимотида шуни талаб қилганки, бинонинг форма ва композицияси инсониятнинг энг керакли талабларига, ҳалқ анъаналарига, ўша жой иқлимига, ҳалқ урф-одатларига, мослаштиришдан иборат.

Феодализмнинг эрта даврларида архитектура тушунчаси бир оз торайди, унинг вазифаларига асосан қаъла, ибодатхона, қўрғонлар қурилиши билан чегараланади.

Меъморчилик иншоотлари инсониятнинг тафаккури ҳамда қарашларига асосий таъсирини ўтказади.

Инсон бинога қараб, унинг енгиллиги ёки оғирлигини бежиримлиги ёки қўполлигини паст ва баландлигини, яхлитлигини ва композициясининг аниқлиги, унинг формаларининг бўлакларини ҳис эта олади ва ўзи шундан таъсирланади.

Инсон бинога кириб, уни ички фазовий кенглигини, маҳобатли равоқлар, баланд гумбаз, юксак бадиий ишлов берилган сталактиталар, ўз ўрнида бино ҳарактерига мос равишда ишлатилганлигига ҳайратланади.

Асрлардан асрларга ўтган сайин меъморларга нисбатан бўлган талаб кучаяди.

Архитектуравий йўналишни ўрганиш кўпгина даврларданоқ сарой ва мақбарани, халқ турар жойларини ўрганишдан бошлашади. Сарой ва мақбаралар формаларидан уларнинг оддий асосидан ривожланишини топади.

Халқ санъатининг кучи унинг ўзига хос ёрқин характерли топилмаларини тариҳий монументал асарларда етказиб беради.

Бизнинг меросимиз деб қадимиий архитектурани кўриб чиққанимизда биз унда прогрессив интилишларни кўрамиз.

Қадимги Мисрнинг пирамида ва Грециянинг мақбараларида «абадийлик» – ғоялари аниқ намоён бўлиб, қадимги Миср архитектурасидан монументал ғоялари фарқланади.

Миср мақбара пирамидалари фараонлар ҳокимиятининг абадийлиги билан бирга, уларнинг қулдорликни бошқариш демократияси мақбара композицияларида ва уларнинг шаклида, антогонистик равишда талқин этилади.

Миллий мустақиллик урушидан кейинги архитектура мазмунли бўлиб, миллийликнинг янги руҳий даври бошланишини кўрсатади.

Юқорида кўрсатилган архитектура иншоотларининг структура ва образлари инсон томонидан табиат қонунларини тан олинганини уларнинг ўз иншоотларига ёндаштирганлар.

Шунинг учун архитектуранинг ривожланиш даври, инсон томонидан тинчликни ўзлаштириш поғонаси, бизга қимматли бўлган ашёлар архитектоник муҳитда яратилиб тугалланади.

Шуни кўзда тутиш лозимки, архитектураниннг ҳар бир даври мустаҳкам ҳарактерли бўлишига қарамасдан, уйғониш даври усулларини шаклларда қўллаб, оз бўлса ҳам, янги вазифаларга, янги мазмун билан жавоб беришади.

Юз йил давомидаги архитектура ривожланишининг шакл ривожланишида, бир неча қонуниятларни ишлаб чиқди.

Архитектура тарихида ҳам мустаҳкам қонунчилик юзага келди. Қонунчиликнинг кўп қисми архитектуравий формаларни ўзгартирди, аммо уларнинг давомийлиги узоққа чўзилмаслиги ҳарактерли эди.

Аниқланган тариҳий давр мобайнида, янги иқтисодий бадиий, янгиликларга қамралган давр, эски даврни чеклантиради.

Бу ердан кўринадики, архитектура илмининг вазифаси архитектуранинг ҳаётий прогрессив қадриятларини ўзлаштириб, ҳозирги даврга, халққа, мамлакатимизга мосланади.

Тарихий материализм қадимий ёдгорликларимизни тиришқоқлик билан архитектурани ўрганишга, шунингдек ҳар бир вақтни мутоносиблигини тўғри танлаш архитектура тарихи дарслигида турли даврлар ҳажмини тўғри ўзлаштириш лозим.

Антик архитектурани биз ўрганамиз ва бизнинг миллий меросимиз бунда кўпроқ халқ яратган қисмига эътибор қаратилади.

Архитектура тарихи бир томонлама ривожланиши билан чегараланмаслиги лозим. Функционал қурилиш техник ғоявий бадиий ва бошқалар.

Архитектура тарихи инсон фаолиятининг кўп қирралари ривожланиши жамиятнинг ривожланиши билан узвий боғлиқ ҳолда жамоа ривожланиши формалари архитектурасида ўз самарасини топади.

Архитектура тарихи назарияси фаннинг шундай ҳусусияти борки, унда уйғониш даври ўрганилади, турли тарихий даврларни юзага келиши ва ривожланиши архитектуранинг фақат маълум бир томонларини эмас, балки мураккаб, кўп қиррали, яъни диалектик бирлигини архитектурада намоён этади.

Архитектуравий жараённинг ривожланиши – эски услубларнинг янгилари билан қамраб олиниши, реал формаларга айлантирилиб утилитар ғоялар илгари сурилади.

Архитектура назарияси

Ибтидоий жамоа тузуми архитектураси.


Ибтидоий жамоа тузуми инсоният тараққиёти тарихидаги энг биринчи ва узоқ давом этган босқичларидан ҳисобланади. Бу босқични ҳамма халқ ва элат ўз бошидан кечирадилар. Ана шу узоқ вақт давом этган тараққиёт жараёнида ҳозирги замон кишиси типи пайдо бўлди; одамлар жамоаси вужудга келди.

Ишлаб чиқариш кучларининг заифлиги одамларни коллектив бўлиб яшаш, меҳнат қилишга даъват этди. Улар қудрат бирликда эканлигини халқнинг илк босқичларида сездилар. Бу қудрат уларни табиат сирларини ўрганишга бошлади. Маданият ва санъат равнақига замин яратди.

 

Ибтидоий жамоа тузуми санъати ва меъморчилиги тарихи одамзод тафаккури ҳис туйғуларини пайдо бўлиши ва ривожланишидан бошлаб ер юзида биринчи даврлариниг юзага келишигача бўлган давр меъморчилигини ўз ичига олади, ўргатади ва таҳлил қилади. Ибтидоий жамоа тузумидан бизгача ашёвий далиллар-меҳнат ва ов қуроллари, уй-анжом ва безак буюмлари, одамлар яшаш манзил қолдиқлари этиб, келган шулар ибтидоий жамоа кишисининг эстетик ва диний қарашларини билишга, ибтидоий жамоанинг маданияти ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.

Тупроқ остида қолиб кетган маданий ёдгорликлар, одам ва ҳайвонлар жасадининг қолдиқлари ғор ва ертўла деворларига чизилган сурат ва бўртма тасвирлар ибтидоий жамоа даври тарихини ўрганишнинг муҳим манбаи ҳисобланади, архитектура қадим-қадимдан кишиларнинг меҳнати жараёнида юзага келди ва ривожланди.

Одамлар меҳнат жараёнида шакл туйғусини ҳис этиб, ритм, симметрия тушунчаларини ўзлаштира бошладилар. Улар меҳнат жараёнида табиат кучларини ўзларига бўйсундира бошладилар, ишлатилаётган буюмларнинг шакли бажарилаётган меҳнатларини осонлаштирилиши ёки камайтириш мумкинлигини тушундилар, қулай меҳнат қуролларини яратиш уларда ўз қуролларига нисбатан меҳр туйғуларини уйғота борди, улар ўз қуролларига безак бериш орқали ўз меҳрларини изҳор этишга ҳаракат қила бошладилар.

Одамларда қулайлилик фойдалилик тушунчаларининг юзага келиши воқеаликдаги, ҳаётдаги гўзаллик ва ҳурликларни ҳис этиш имконияти ривожлана бошлади.

Жаҳон маданияти тараққиёт оламига қадам қўйди, санъат, меъморчилигининг юзига келиши инсоннинг объектив вакиллиги тўғрисидаги билимларнинг чуқурлашишига, ўз авлоди тажрибаларидан баҳраманд бўлишига олиб келди, бу уни табиат кучларига қарши курашишга даъват этди, унинг ақлий камолоти эстетик, қарашлари ривожини жадаллаштирди. Бу даврда одамлар катта-катта тошларнинг панасида ғор ва ертўлаларда тўда-тўда бўлиб яшаганлар.

Бу ғор ва ертўлалар ибтидоий жамоа кишисининг «уйи» ҳисобланган, шу уйларнинг девор ва шипларига суратлар чизганлар, бўртма тасвирлар ишлашга ҳаракат қилганлар, ана шу одамлар яшаган манзиллардан топилган меҳнат, ов қуроллари, турли ҳайкал ва рамзий мазмунга эса бўлган шакллар ибтидоий жамоа кишиларининг эстетик ва фалсафий қарашларини тушунишга ёрдам беради.

Дастлабки расмлар предмети ва асосан, ҳайвонлар кўринишини тасвирлайди. Бу даврда ҳайвонлар тасвири аниқ реал, пропорциялари тўғри олинган, рассом ранглар ёрдамида нур-соя имкониятларидан ҳам фойдалана бошлагани сезилиб туради. Ўқ, камон, кабиларнинг ихтиро қилиниши ибтидоий жамоа кишисининг ҳаёти янада яхшиланишини таъминлади.

Одамлар ёғоч ўйишга асосланиб, ўзларига керакли буюмлар ярата бошладилар, диний тушунчалар кенг ёйилди, «нариги дунё» тушунчаси пайдо бўлди, кўмиш маросими билан боғлиқ бўлган турли урф-одатлар юзага кела бошлади, булар кишиларда мураккаб тасаввур ва фикрларининг пайдо бўлганлигидан далолат беради. Одамлар тасаввурининг кенгайиши абстракт тушунчаларининг юзага келиши санъатнинг шакл ва мазмун характерида ҳам сезила бошлади, жанг воқеалари, овчиликни акс эттирувчи мураккаб композициялар яратилди, ишлаб чиқариш жараёни кучая борди, шу билан бирга, кишиларнинг маънавий олами, дунё қараши ҳам мураккаблаша борди. Тошни қайта ишлаш, уни пардозлаш, шу асосда жуда нозик буюмлар яратишга кўпроқ эътибор берила бошланди.

Ижтимоий ҳаётда ишлаб чиқариш кучларининг ошиши, сўзсиз одамлар орасидаги муносабатларнинг тараққий этишига ёрдам берди, қабилалар орасидаги муносабатни кучайтирди, динда жамоани оқсоқоллар бошқара бошлади, одамларнинг ўтроқ ҳолга ўтишлари, табиат қонун-қоидаларини кузатиш симметрия, ритм, шакл туйғуларини ўзгартирди. Бир ҳил элементларнинг текис қайтарилиши ёки оралаб келиши асосида вужудга келадиган ўзига хос нақш санъатини майдонга келтирди.

Қабилани ягона бошлиққа бўйсиниши эса меҳнатни ташкил этишни яхшилади, қўшимча меҳнат маҳсулотларининг тўпланишини таъминлади, қулдорлик тузуми бошланди, синфий давлат юзага келди, ижтимоий ҳаётдаги бу ривожланиш тасвирий ва амалий санъат, меъморчиликнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Қабила бошлиғи, оқсоқолларга эътиқод билан қараш, уларнинг вафотидан кейин жасадини яхши сақлашга ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган одат – қабрини бошқа қабрдан ажратиб ишлашга интилиш, муҳташам ер усти тупроқ қўрғон, мақбара юзага келишига олиб келди, қабр ички қисмини ҳам алоҳида эътиқод билан безади.

Ижтимоий ҳаётда содир бўлган ўзгариш натижасида юзага келган мегалитик қурилмаларда яққол сезилди, одамларнинг диний тушунчалари ота-бобо руҳи билан боғлиқ ҳолда юзага келган, бу қурилма катта тошдан кўпчилик кучи билан барпо этилган, бу қурилмалар уч типда-менгер, долъмен, кромлех катта тошлардан барпо бўлган.


Менгерлар. Ўз ҳарактери жиҳатидан тик ўрнатилган катта тош бўлиб, уни баландлиги 20 м гача етган, баъзи менгерлар балиқ, одам шаклида, кўп ҳолларда менгер юзаси бўртма тасвир билан қопланган, бундай ёдгорликлар Арманистон, Қозоғистон, Сибирда кўплаб учрайди.


Менгер


Долъменлар. Тик ўрнатилган икки ёки тўрт тош устундан ташкил топган бўлиб, устки қисми ҳам шундай яхлит тош билан беркитилган, тош устун юзаси пардозланган, баъзиларида рамзий белги чизилган, бу ёдгорлик қабр тош вазифасини бажарган бўлиши мумкин, қисман турар жой вазифасини ҳам ўтаган; долъмен ўз туриши ва қурилиши, принципи жиҳатидан дастлабки монументал меъморчилик намунаси ҳисобланади.


Дольмен


«Мегалитик» – (грекча «мег» катта, «лит» – тош сўзидан олинган).


Кромлех айлана бўйлаб тик ўрнатилган тошдан қурилган бўлиб, у тош тўсин билан бирлаштирилган, Англиядаги стоунхендж яқинидаги кромлех, шу типдаги қурилманинг классик намунасидир. Долъмен ва кремлех ёдгорликлари Ғарбий Европа, шимолий Африка, Кавказ, Сибир ва Қозоғистонда кўплаб учрайди, бу ёдгорликлардан яна бири, кўриниши қабр устига ишланган тупроқ қўрғон бўлиб, бу қўрғон диаметри 12 метрга етган, атрофи эса тош плита билан айлантириб чиқилган.

Триполидаги (Киев яқинидаги кишлоқ номи) топилган девор қолдиғи, бу ердаги уй кўпроқ дарё ёқасига яқин ерда қурилганлиги ҳақида маълумот беради, бу уй лой ва ёғочдан ишланган бўлиб, девори эса рангли нақш билан безатилган.


Кромлех


Қора денгиз ва Азов денгизи соҳиллари, Кавказ этаклари, Каспий ёқалари, жанубий Сибирда бир бирига яқин бўлган, бир қанча қабилалар яшаган бўлиб, уни ичида скиф қабилалари етакчилик ролини ўйнаган, шунинг учун бу ер санъатини кўп ҳолда скиф санъати ва даври деб юритилади.

Скиф мустаҳкам қўрғон бошлиғини вафотидан кейин унга атаб, катта тупроқ қўрғон-қабр қурган, бино деворларини нақш ва деворий суръатлар билан безаганлар, бугунги кунда жаҳоннинг машҳур музейи Эрмитажда сақланаётган 40 мингдан ортиқ скиф маданияти ёдгорликлари ибтидоий жамоа тузумининг сўнги босқичи-темир асрини таърифлашга қўл келадиган бебаҳо манбадир.

Ибтидоий жамоа тузуми инсоният тараққиётининг узоқ давом этган босқичидир, шу давр ичида инсон таффакури камол топди, ҳис туйғуси ривожланди: инсон дастлаб табиат яратган инъомлар истеъмолидан ўзи маҳсулот яратишга ўта борди, у меҳнат жараёнида меъморчиликни яратди.

Меъморчилик, санъат воқеликларни образли беришга ёрдам бериш билан бирга, ўз кучига ишонч ҳосил қилиш теварак-атроф қоидаларини ўзлаштириб, уни гўзаллик қонунлари асосида қайта қуришга имкон беради, шундай жамоа даври санъати қадимги шарқ, антик дунё ва ўрта аср Европа санъати ҳамда илк синфий жамият санъатининг асосини ташкил этади.

Қадимги шарқ архитектура назарияси

Ўрта Осиёда фанлар тарихини ўрганиш соҳасидаги ютуқлар талайгина. Бироқ, ХХ- асрнинг 60-йилларига қадар меъморшунослик фанига ўзларининг ҳиссаларини қўшган. Ўрта Шарқ мамлакатларида яшаб ижод этган ўрта аср олимларининг меъморчиликка доир асарлари фанга маълум эмас эди. Бу эса ўз навбатида, Ўрта Осиё меъморчилик санъатининг ўтмишда назарий асослари бўлганми ёки йўқми? деган саволни келтириб чикарган эди.

Аксарият Ғарб олимлари бу саволга жавоб излаб нафақат Ўрта Осиё, балки Ўрта Шарқ мамлакатлари архитектурасининг ҳам назарий асослари бўлмаган, деган фикрга келиб колган эдилар. Бирок бу тушунчага ўрта аср Шарқ олимларининг ишлари ўрганилгач, чек қўйилди. Биз қуйида ана шундай тарихий манбаларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.

Бизга маълум бўлган қомусий асарлар орасида ХV асрда яшаб, асилзодалар авлодига мансуб бўлган катта амалдорлардан бири Вожид Алининг «Матла ул-улум ва мажма ул-фунун» («Фаннинг келиб чикиши ва техника билимларининг тўплами») номли асари муҳим аҳамиятга моликдир. Китобнинг 31-бобидаги меъморлар санъати қисмида иморат қуришнинг қуйидаги 14 моддадан иборат қоидалари берилган [5.– 42 б]:

1. Қурилиш учун жой танлаш (1-модда). Ер қатлами зич ва қаттик бўлиши керак, лекин асло қумлик ва таги бўш бўлмаслиги лозим.

2. Ер майдони (4, 10-моддалар). Ер майдони тўғри чизиқли бўлиши керак. Агарда уй қурулиши кўзда тутилаётган ер майдони учбурчак шаклида бўлса, иморатни шундай жойлаштириш керакки, ҳовли тўғри бурчак шаклини олсин. Учбурчак ромб ва параллелограмм шакллари хўнук кўриниб, дидга мос эмас. Номувофиқ қисмларини бартараф қилган ҳолда квадрат, тўғри бурчакли, олти бурчакли ёки саккиз бурчакли ҳовлига эга бўлиши мумкин.

3. Пойдевор (2-модда). Бино пойдеворининг кенглиги ва чуқурлиги унинг катта -кичиклигига муносиб бўлиши керак. Агар иморат бир қаватлик бўлиб, унчалик катта бўлмаса, пойдеворнинг эни 1 ёки 1,5 газ чуқурлиги эса шунга муносиб бўлиши лозим. Агарда иморатнинг баланд бўлиши 2 ёки 3 қаватга кўтарилиши кўзда тутилса, унинг пойдеворини шунга муносиб бўлиши ҳисобга олиниши керак. Бу ҳолда ғиштларни шундай териш керакки, бино пойдеворига сув киришнинг барча ҳолларидан мустасно бўлсин.

4. Иморат курсиси (13-модда). Бино курсиси баланд бўлиши керак. Шунда бино ҳашаматли ва салобатли кўринишга эга булади.

5. Деворлар ҳакида (8-9- моддалар).Бино деворининг эни пойдевори энидан камрок бўлади. Биринчи қаватнинг охиригача девор қалинлиги бир хилда қолса иккинчи қават деворларининг қалинлиги пастки қаватдаги деворга нисбатан озрок камайтирилади. Бунда девор қалинлигини камайтириш усули кейинги қаватга кўтарилган сари ортиб боради. Девор бурчакларини шундай бириктириш керакки, токи ундан ғишт бирикмаларида ҳосил бўлган излар кўринмасин (1-расм).

6. Устини ёпиш (7-14- моддалар). Иморат шипидаги тўсинлар сони ток бўлиши керак, чунки жуфт сон ёмон белги деб ҳисобланган. Иморат томи мустаҳкам ва сув ўтказмайдиган бўлиши керак.

7. Иморат режаси ва мутаносиблиги (3-5-6-12-моддалар). Хонанинг баландлиги унинг кенглигига мувофиқ тушиши керак. Масалан агар йўлак ёки ёпилган йўлнинг кенглиги 4 газга тенг бўлса унинг гумбази ёки томонининг баландлиги кўпрок бўлиши керак. Акс ҳолда номутаносиблик вужудга келади ва бинонинг кўриниши ёмон таасуротга эга бўлади.

Хонанинг йуналиши қайси томонга қараган бўлишига қарамасдан, бўйи энига қараганда кенг бўлиши керак. Иморатнинг ташки дарвозасини ҳовлининг бўйига нисбатан паралель жойлашган деворига қуриш керак, шунингдек, дарвозанинг олд томонини жанубга каратмаслик керак, бу гуёки бахтсизликларни тўсолмас эмиш. Ёпик йўллардаги дарвозаларни кенг ва баланд қилиб қуриш керак.

Иморатга кириш учун қурилган асосий дарвозани эса ички эшикларга нисбатан кенг ва баланд қилиш керак, чунки иморатнинг қадр-қиймати, асосан ташқи дарвозанинг гўзаллиги ва салобатида намоён бўлади. Паст дарвоза ҳаддан ташқари ёмон таассурот қолдиради.

– Шамоллатиш (1- модда). Хонанинг ички қисмини ҳаво бемалол кириб- чиқиб турадиган қилиш керак. Хонанинг бундай энг муҳим сифатини бузиш, ҳар хил буғланишларнинг алмашинувига олиб келиб, турли касалликларга сабаб бўладиган буғуқ ҳаво ҳосил қилади ва ҳакоза.

Юқоридаги қоидалар бир мунча умумлаштирилиб берилишига қарамасдан, ўтмишда ҳам ҳар ҳолда иморат қуришдан олдин уни ҳар тарафлама муҳитга ва қурилаётган жойга мувофиқлаштириш, уйғунлаштириш ва ҳисоблаш ишлари олиб борилганлигидан далолат беради.

Шарқнинг таниқли қомусий олими ва мухандиси Ёкуб ибн Исхок ал Кинди (801—866) уйғунлик хусусида маҳсус асар ёзади ва уни «Уйғунлик ҳақидаги катта китоб» деб номлайди. Ал – Кинди уйғунликка изох берар экан, у «муносабатларни ўрганишдан ва бир сонни бошқасига айлантиришдан, мутаносиблик ва номутаносибликни фарқлашдан иборатдир» деб тушунтиради [26. -97 б].

 

1-расм. Бибихоним масжидининг қурилиши. Расм юқорисидаги бош меъмор қўлида бино макети кўрсатилган. «Зафарнома"га ишланган миниатюрадан олинган


Машҳур Шарк файласуфи Абу Наср Фаробийнинг Х асрда ёзган «Геометрик шаклларнинг нафислиги ҳақидаги маънавий гўзал усуллар ва табиий сирлар китоби» меъморларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Фаробий энг яхши мутаносибликлар ҳақидаги ижодий изланишларни, гўзал нисбатларда қараб чиққан ва санъат асарларининг хандасавий уйғунлиги билан боғлик бўлган гўзаллик сирларини очиб берган.

Фаробийнинг ушбу асарини рус тилига таржима қилган олимлар бу асарни Абул Вафо Бузжонийнинг Фаробийдан кейин ёзган «Ҳунармандларга хандасавий ясамалардан нималар зарурлиги ҳақида"ги китобига деярли тўлиқ мос келишини айтиб ўтган.

Ушбу китоб муқаддима ва ўн бобдан иборат бўлиб, уларда геометрик шакллар ва уларнинг ясалиш услублари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, етти бурчакларни таркибий қуриш, кўпбурчакларни шаклнинг берилган томони ва бошқа параметрлари бўйича ясаш; айлана ичига тенг томонли учбурчак, квадрат, беш, олти, етти, тўққиз ва ўн икки бурчакларни чизишга асосланган ясалишлар ҳамда хандасавий қуриш бўйича бошқа зарур маълумотлар келтирилган. Фаробий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари ҳақида"ги рисоласида «шаҳарни ҳам, уйни хам инсон қоматига таққослаш зарур» деб ёзади [6.– 34 б]. Бу билан олим фозил шаҳарнинг соф инсон қоматига ҳамоҳанг ва мос тарзда қурилишини орзу қилади. Унинг фикрича, «гўзаллик ва фойдалилик”ни бир- биридан ажратиб бўлмайди, уларнинг қўшилиши эса уйғунликка олиб келади [6.– 35 б].

Маълумки, Шарқда нафақат бинокорлик санъати, балки боғ- истироҳатчилик ҳам кенг ривож топган. Хиротлик Розил Херавий ХVI асрда агротехника ва меъморий боғларни яратиш бўйича саккиз бобдан иборат ажойиб асар ёзди.

Унинг саккизинчи боби «Дарахтларни боғ режасига мослаб экиш ҳақида» деб аталиб, унда боғларни мунтазам режа асосида тўғри бурчакли бўлишлиги, уфк томонларига ориентацияланиши, боғ девор билан айлантирилган ва периметри бўйлаб тўғри қатор толлар экилишига кўрсатма берилган [17.– 89 б].

Бош хиёбоннинг боғ саройига туташтирилиши зарур. Боғ худудини тежамли суғориш ва боғ ичига сув олиб кириш, хиёбонлар бўйлаб ариқ ўтказиш, сарой (кушк) олдига ховуз бунёд этиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Боғ атрофи ички тарафидан ариқ билан айлантирилиши зарур бўлган.

Боғ экинлари учун манзарали ва мевали дарахтлар таклиф этилган. Гуллар турини танлаш масаласи шундай ечилганки, токи боғда гуллар эрта баҳордан то кеч кузгача узлуксиз очилиб турсин [8.-74 б].

Меъморлар ва боғбонлар учун нафақат ана шундай рисолалар ёзилган, балки Х-ХV асрларда меъморлар томонидан тайёрланган чизмалар, «намунавий"лойиҳа ўрамлари ҳатто махсус мураккаб (альбом) лар ҳам мавжуд бўлган. Илк бор Н.Б.Бакланов томонидан ўрганилиб нашр этилган ХVI аср Бухоро меъморининг чизмалари фикримизнинг далилидир. Унда Г. А. Пугаченкова айтганидек, хонакох, сардоба, карвон сарой ва работларнинг бир неча намунавий лойиҳалари, шунингдек, ғишткор безаклар, гирихлар ва муқарнасларнинг чизмалари ҳам акс эттирилган [18.-67 б].

Хуллас, шуни таъкидлаш зарурки, ўрта асрдаги Ўрта Осиё меъморчилиги ва бизгача қолган тарихий ёдгорликларнинг қурилиши ўзининг чуқур назарий асосларига эга бўлган ва бу назарий билимлар ўрта аср муаллимлари томонидан ёзиб қолдирилган асарларда бизгача етиб келган.

Бу асарларни ўрганишда замондош меъморлар, олимларимиз М.С.Булатов, Г.А.Пугаченкова, П. Ш. Зохидов, М.К.Ахмедов ва А. С. Ураловларнинг хизмати катта. Шундай экан бу улкан меросдан замонавий «Архитектура"таълими тизимида унумли фойдаланишимизнинг бўлғуси меъморларни касбга ўргатишимизда бундай назариядан уларни ҳам хабардор килишимиз фойдадан холи иш эмасдир.


«Чор унсур» тушунчаси ва унинг мазмуни


Жаҳон халқларини ўз фалсафаси, дини, эътиқоди, удум ва анъаналари, тили билан бойитиб келган Ўрта Осиё халқларининг нафосат дунёси ва маънавияти ҳам кўп қирралидир. Бу қирраларнинг бири ўрганилган, бошқаси эса энди ўрганилмокда. Шарқ халқлари тафаккурига мансуб мукаддас «Чор унсур «фалсафаси хам ана шундай азалий маънавият маҳсулидир.

Унинг ёши Авестога ва ундан ҳам олдинги узоқ қадимий даврларга тўғри келади. Авесто таълимоти ҳам «Чор унсур» фалсафаси билан суғорилган. Авестога асосланган зардуштийлик дини эса дунёдаги динлар орасидаги энг қадимгиси ҳисобланиб, инсоният тараққиётига бевосита ва билвосита жуда катта таъсир кўрсатган. Бу таълимот Ғарб давлатларига кенг тарқалиб, юнонча"зороасризим» тарзида зикир этилган. Демак «Чор унсур» фалсафаси ушбу дин орқали Ғарб давлатларига тарқалган.

«Чор унсур" жамики фанларнинг асоси, Авесто ва жаҳоний динларнинг пойдевори, Ислом фалсафаси ва Шарқ халқлари имон-эътиқодининг мазмуни ҳисобланган. «Чор унсур» ҳақида китоблар ёзилган. Улардан бири Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1721) айнан шу номдаги асари -«Чор унсур» дир [19.-23 б].

Бедилнинг ёзишича, ҳали Авесто дунёга келмасдан бурун бутун шарқ халқлари, хусусан Ўрта Осиёлик аждодларимиз бутун борлиқ ва тирик жонзотларни чор унсурдан, яъни -тупрок (хок), сув (об), нур (нор), ҳаво (бод) каби яралганларнинг қўшилишидан яратилган деб билганлар [19.-37 б].

Абу Наср Фаробий (VIII—X асрларда) ҳам ўзининг «Илмларнинг келиб чиқиши» асарида ердага барча нарсалар тупроқ, сув, олов ҳавонинг турли миқдорда қўшилишидан ташкил топади, осмон жисмларини ҳам алоҳида, мустақил нарсалар деб эмас, шу тўрт унсурдан таркиб топади, дейди [7. -42 б].

Материкнинг турли минтақаларида ана шундай тўрт унсурнинг миқдори турлича бўлишлиги ушбу минтақаларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, инсонларнинг яшаш турмуши, мижози ва урф одатларини ҳам турли туман қилиб юборган.

Демак, «Чор унсур"ни бутун оламнинг моддий асоси, оламдаги барча ўзгаришлар ва ҳаракатларни эса ушбу тўрт унсурнинг ўзаро турлича бирикувидан вужудга келган воқеликдир, деб тушуниш мумкин.

Чор унсур таълимотининг моҳияти эса ушбу тўрт унсурнинг бирикуви, ўзаро таъсирида ва яхлитлигида муайян қонуниятларнинг ётиши ва уларнинг ҳам ўз навбатида коинот уйғунлигига боғлик эканлигидадир. Зеро чор унсур ана шу уйғунлик бағрида воқедир. Инсон турмуши ва ҳаёти, унинг бунёдкорлик ишларининг асоси ҳам айнан шу уйғунлик ва мутаносибликка алоқадордир.

Шарқ сарзаминида фалсафий мушоҳада кўп минг йиллик тамаддун ҳосиласи ўларок, аввалбошдан Миср, Сурия, Ироқ, Марказий Осиё, Ҳинд ва Эрон халқларига хос бўлган. Шарқ цивилизацияда ҳеч қачон дин ва фалсафа бир-биридан ажратилмаган. Фалсафа диний таълимот мағзига жо булган.

Шунинг учун шарқ халқлари фалсафасини, унинг тамойил ва мезонларини юнон фалсафасига қўлланган ёндошувлар тизимидан келиб чиқиб ўрганиш нотўғри бўлади. Шарқликларнинг дунёвий қарашлари ўша даврлар шароитига мос бўлган кўринишда, содда мулоҳаза, тушунча ва ривоятлардек туюлса-да, рамз ва ишоратларга бой, чуқур маънога эга бўлган.

Албатта, мулоҳазалар фалсафа эмас, аммо уларнинг шарҳи фалсафага хос мантиқий ёндошувларга олиб келади. Уларнинг асосида шарқ халқларининг бизга номаълум оламларни тушуниш ва талқин қилиш ҳаракати ётадики, бу ўша даврларнинг фалсафаси эди. Буни биз мистика ёхуд илоҳиёт деб аташга одатланганмиз.

Бу илмни ўша тамаддун даражаси ва диний-илохий қарашлар тизимини шакллантирган шарқ шароитларидан келиб чиқиб ўрганиш жуда муҳумдир. Зеро, улардаги айрим етакчи ғоялар ер юзининг турли минтақаларида, турли даврларда, турли кўриниш ва шаклларда учрайдиган диний илоҳий назарияларда бир хиллигини кўрамиз.

Веда ҳақиқатларидан суйлаган ва Рухларнинг ўлмаслиги таълимотини ёйган файласуф брахманлар, Худонинг инсонда зуҳр этиш ғоясини тарғиб этган, христианлар, барча фалсафий-диний қарашларни зардуштийлик асосига қуйиб, Нур ва Зулмат манбаларини кўрсатишга ҳаракат қилган монийлик тарафдорлари юқорида зикр этилган даврларда қадимдан яшаб келганлар. Уларнинг қарашлари нафақат бир-бирига таъсир этган, балки бири иккинчисидан озиқланган. Шундай қилиб, қадимда Шарқда шаклланган «Чор унсур» таълимоти Ғарб давлатларида яшовчи халқлар тафаккурига ҳам таъсир қилган [27.– 64 б].

«Чор унсур» таълимотига хос уйғунлик


Ҳалкимизда Аллоҳ илк инсонни (Одам ота ва Момо ҳавони) лойдан, яъни тупрокдан яратган, сўнгилари эса сувдан яралган деган ибора бор. Қуръони каримнинг «Торик» сураси, 5—7 оятида инсон сувдан яратилгандир, деб айтилган. Дарҳақиқат, соғлом инсон организмида Чор унсур (тупроқ, сув, ҳаво, нур) нинг ўзига хос нисбатдаги уйғун мутаносиблиги мавжудки, буни инкор этиб бўлмайди.

Чунки ушбу мутаносиблик бузилса инсон саломатлиги ҳам бузилади. Нафақат инсонлар балки ер юзидаги барча жонзотлар ва моддалар ҳам Чор унсурнинг муайян уйғунликдаги аралашмасидан таркиб топганлар. Табиатга хам ана шундай уйғунлик хосдир [23.-76 б].

«Бу дунё бир чархпалак» (чархи ёки гардиши фалак) дейишади ҳалкимиз. «Чор унсур» табиат ва бутун оламнинг даврий ҳаракатини чархпалак сингари айланиб туришини англатган. Йилнинг тўрт фаслини, яъни буржини Чор унсурнинг ҳаракатидан деб, қуйидагича изоҳлашган:

1  2  3  4  5  6  7  8  9  10  11  12 
Рейтинг@Mail.ru