bannerbannerbanner
АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ ВА ЖАМОАТ МАРКАЗЛАРИНИ МЕЪМОРИЙ РЕЖАЛАШТИРИШ. Ўқув қўлланма

Ибадулла Самандарович Байджанов
АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ ВА ЖАМОАТ МАРКАЗЛАРИНИ МЕЪМОРИЙ РЕЖАЛАШТИРИШ. Ўқув қўлланма

© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2019

ISBN 978-5-4496-8599-5

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero


Тақризчилар

М. Қ. Ахмедов Ташкент Архитектура ва Қурилиш институтининг «Шаҳарсозлик ва ландшафт архитектураси кафедраси”нинг профессори, архитектура фанлари доктори

М.Б.Сетмаматов., Урганч Давлат университетининг «Қурилиш ва архитектура» кафедраси мудири доцент, архитектура фанлари номзоди.


Байджанов И. С.

Аҳоли пунктлари ва жамоат марказларини

меъморий режалаштириш


Аннотация

Ушбу ўқув қўлланма аҳоли пунктлари ва жамоат марказларини меъморий режавий ташкиллаштириш муоммасига бағишланган, китобда шаҳарсозликни режалаштириш, ривожлантириш, қишлоқ худудларини аҳоли пунктларини ва жамоат марказларини замонавий талаблар асосида шакллантириш, хўжалик корхоналари худудларини режалаштириш ва ташкил қилиш лойиҳаларини ишлаш услублари ёритилган.

Ўқув қўлланма архитектура ихтисоси бўйича таҳсил олаётган талаба, магистрантлар, лойиҳа институтларида ишлаётган ва ушбу масалага дахлдор барча мутахассислар учун ҳам фойдалидир.

Сўз боши

Китобда аҳоли худудларини режавий тузилишининг шаклланиши ва ривожланиши истиқболлари, шаҳарнинг аҳоли жойлашган ишлаб чиқариш ва рекрация худудларини лойиҳалаш хусусиятлари кўриб чиқилади.

Асосий эътибор шаҳарсозликка ва аҳоли яшайдиган худудларни лойиҳалашнинг долзарб муаммоларига қаратилган. Ўқув материали амалдаги меъёрий хужжатлар асосида ҳозирги замон шаҳар қурилишини, амалиётини, шаҳар ва қишлоқларни эътиборга олган ҳолда ёритилди.

Аҳоли пунктлари ва жамоат марказларини шакллантириш жаҳон тажрибасини қўлланган ҳолда турли мисолларда ва лойиҳаларда ўз ифодасини топган, ўқув қўлланма талабалар ва магистрантлар ва шу соҳа мутахассислари учун, ўқиш жараёнида ва ишда турар жой, қурилишнинг ривожланиши, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ бўлган ҳамда схематик бош режаларни ишлаб чиқишда хўжалик корхоналарини худудларини режалаштириш лойиҳаларини ишлашда катта таянч бўлади

Шунингдек марказий майдонларни ташкиллаштириш, жамоат марказларида мактабгача ва мактаб объектлари, тиббий муассасалар, маданий-ижтимоий, хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштириш, спорт иншоотлари, марказларни кўкаламзорлаштириш ва дам олиш масканлари, транспорт схемаларини қишлоқлараро жамоат марказларини шакллантиришда катта омил бўлади.

Маъмурий хўжалик ва коммунал муассасаларини, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларини ташкиллаштириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик экология ва табиий заҳиралардан тўғри фойдаланиш ер ресурслардан, турар жой фондидан ижтимоий ва мухандислик инфратузилмаларидан оқилона тарзда фойдаланишга ёрдам қилади.

Ҳар бир аҳоли пунктлари жамоат марказлари ривожланиши истиқболининг ҳал қилиниши асоси ҳисобланган комплекс шаҳарсозлик хужжатнинг аҳамияти жуда катта.

Ўқув қўлланмада мисол тариқасида келтирилган лойиҳалар шаҳарсозлик масалаларнини ечиш жараёнида талабаларнинг мустақил малакавий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ушбу ўқув қўлланмани мақсади талабаларда, магистрантларда ва шу соҳа мутахассисларини ижтимоий иқтисодий, транспорт режавий, иқтисодий ва бошқа жараёнларни эътиборга олган ҳолда шаҳарсозлик муаммоларига комплекс ёндашувни тарбиялаш; шу билан бирга ҳажмий фазовий идрок, тасаввур қилиш ва фикрлаш, мутоносиблик ва уйғунлик, шаҳарсозлик тизимларининг масштабларини хис қилиш қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган.

Кириш

Ўзбекистонда қишлоқ жойларни барқарор ривожлантиришнинг устувор вазифалари. Кейинги йилларда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий меъморий қиёфасини шакллантириш, уй-жой ва ижтимоий-маиший қурилишни жадал ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини янгилаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқон, Урганч, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларининг архитектура-лойиҳалаштириш тизимини сезиларли даражада яхшилаш имконини берди. Гулистон, Термиз ва Жиззах шаҳарларини реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги замонавий турар жойлар барпо этилиши натижасида қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфаси тубдан яхшиланиб бормоқда. 2016 йил охиридан бошлаб аҳолининг кам таъминланган қатлами учун шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида арзон уй-жойларни қуриш ишлари янада тезкор суръатларда давом эттирилмоқда.


Намунали уйлар


Намунали уйлар


Шу билан бирга, таҳлиллар аҳоли пунктларида қурилиш ишларини олиб бориш ва реконструкция қилиш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш давомида белгиланган тартиб, қоида ва меъёрлар қўпол равишда бузилаётган ҳолатлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда давлат бошқаруви органлари ўртасида ҳудудларни ривожлантиришда шаҳарсозлик жараёнини бошқариш борасида вазифалар ва ваколатларнинг аниқ чегаралари мавжуд эмаслиги шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктларини режали ривожлантириш ва комплекс қуриш ҳамда изчил ривожлантириш борасида шошилинч, баъзида эса нотўғри лойиҳавий-режали қарорлар чиқарилишига сабаб бўлмоқда.

Замонавий лойиҳалаштириш усулларини, амалий дастурий маҳсулотларни, илм-фан, архитектура ва дизайн ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш, замон талабларига жавоб берадиган, мураккаб ҳамда юқори категорияли лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш имкониятига эга истиқболли ёшларни жалб этиш учун етарли қизиқиши бўлмаган лойиҳа ташкилотлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Бугунги кунда шаҳарсозлик соҳасига оид асосий масалалар ва муҳим муаммоларни ҳал этиш ғоят долзарб вазифа экани инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Хусусан, қабул қилинган Фармон, аввало, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат ва илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш жараёнидаги ролини оширишга қаратилган бўлиб, унинг фаолиятидаги асосий вазифалар ва йўналишларни белгилаб беради. Жумладан:

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий базани мунтазам равишда такомиллаштириб ва янгилаб бориш;

лойиҳалаш ишлари ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, қурилишда ишлаб чиқариш жараёнига илғор технологиялар жалб қилинишини ташкил этиш;

бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш ва капитал қурилишда давлат харидларини амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш;

архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳалари учун малакали кадрларни тайёрлашни таъминлаш.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш устувор вазифалар қаторига киритилган бўлсада, ушбу масалани илмий жиҳатдан асослаш, уни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот доирасини кенгайтириш ва амалий аҳамиятга молик таклифлар ишлаб чиқиш лозим.

Хориж олимлари томонидан баён этилган қишлоқ жойларини барқарор ривожланиш концепциялари ва унинг асосий тамойилда турлича ёндошувлар мавжуд бўлиб, ягона бир тушунча ва келишув йўқлигини кўрсатмоқда. Барқарор ривожланиш концепциясидаги янгича қарашлар турли назария ва илмий мактаблар йўналишларини ўзида акс эттирган ҳолда, ҳозирда дунёда бўлаётган мураккаб жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, инсоният цивилизациясига таъсир кўрсатаётган турли омилларга баҳо беришдан иборат.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш назарияси ва амалиётини шаклланишида 2009 йилда ишлаб чиқилган ва амалга оширилган «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги» давлат дастури катта туртки бўлди. Ушбу дастурда белгиланган чора-тадбирлар жуда кенг кўламли бўлиб, унда асосий эътибор қишлоқ инфратузилмаси, айниқса, қишлоқ туманларида электр энергияси таъминоти ва коммунал-маиший хизмат, сув, газ, таъминоти тизимларини ривожлантиришга қаратилгандир. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини тарққий эттириш (шу жумладан, фермерларни тайёрлаш ва малакасини ошириш), қишлоқда тадбиркорликни (озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва касаначиликка алоҳида эътибор берган ҳолда) ривожлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим масалаларига ҳам муҳим ўрин ажратилган. Мавжуд технологияларни такомиллаштириш, айниқса, озиқ-овқат саноатида юқори технологиялардан кенг фойдаланишга катта аҳамият берилди. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тадбирлари ҳам қўллаб-қувватланади, бунда айниқса, қишлоқ ёшларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, олимлар ва мутахассислар олдида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантиришнинг назарий ва услубий асосларини такомиллаштириш, унинг ўрнига хос хусусиятларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш масаласи кўндаланг бўлиб турибди.

Ислохот хақида гапирганда, мақсадларимизни белгилашда муҳим бир хақиқатни англаш керак: ислохот ислохот учун қилинмайди, ислохот номига қилинадиган иш эмас, хар қандай ислохот биринчи навбатда инсон манфаатларини кўзлаб, хаѐтимизни янги босқичга кўтариш учун амалга оширилади.

 

Асосий мақсад – қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини кескин ошириш, қишлоқда яшаётган халқимизнинг ҳаёт даражасини кўтариш, улар учун муносиб шарт-шароитларни яратишдан иборат бўлмоги керак.

Қишлоқларимиз ҳаётини ривожлантириш учун саноатни қишлоққа олиб келиш керак, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни жадал барпо этиш, қишлоқда, аввало ёшлар ўртасида бандлик ўсишини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш сифатини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг кенг комплексини амалга ошириш мақсадида юртбошимиз бошчилигида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.

Жумладан, қишлоқ қиёфасини сифат жиҳатдан яхшилаш, ривожланиш ва архитектура – режа асосида қурилиш бош схемаларига мувофиқ қишлоқ аҳоли пунктлари қурилиши, қишлоқдаги турар-жой ва ижтимоий соҳа объектлари намунавий лойиҳалар бўйича барпо этилишини назарда тутувчи қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектуравий режалаштирилишини ташкил этиш ва қишлоқ қурилишини лойиҳалаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш жадал суратларда олиб борилмоқда

1  2  3  4  5  6  7  8  9  10  11  12  13  14 
Рейтинг@Mail.ru